Замонавий хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш лозим

Самарқанд шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг 21-мажлиси бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган йиғилишда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг хавфсизлик органлари ҳамда разведка хизматлари раҳбарлари иштирок этди.  

Мажлис аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига мурожаатини Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ўқиб эшиттирди.  

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида анъанавий таҳдидлар кучайиб, янги хавфлар пайдо бўлаётгани сабабли дунёдаги вазият мураккаб геосиёсий шароитда ривожланаётгани, бу эса, ўз навбатида, Ҳамдўстлик мамлакатлари манфаатларига бевосита таъсир қилаётганини қайд этган.  

Таъкидланганидек, кенг кўламли урушга айланиб кетиши мумкин бўлган қуролли можароларнинг тобора кескинлашиб бораётгани ҳам хавотир уйғотмоқда. Шу боис, тарихий тажриба ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида беқарорлик ўчоқларини имкон қадар тезроқ бартараф этиш бўйича адолатли ва мувозанатли ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.  

Ўзбекистон минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, Ҳамдўстлик мамлакатларининг жадал ривожланиши йўлида халқаро кун тартибидаги муаммоли масалаларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.  

Ўзбекистон Президенти мурожаатида давлатларимизнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва конституциявий асосларига хавф туғдириши мумкин бўлган таҳдидларга қарши курашишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш МДҲ давлатлари хавфсизлик ва разведка хизматлари органларининг устувор вазифасига айланиши кераклиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари, генерал-полковник Б.Қурбонов раислик қилган мажлисда иштирокчилар замонавий хавф ва таҳдидлар юзасидан фикр алмашиб, МДҲ давлатлари разведка хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича галдаги вазифаларни муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида делегациялар раҳбарлари минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликнинг аниқ вазифалари ва устувор йўналишларини белгилаб олдилар.

Россия Федерацияси ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин мажлис якунлари ҳақида ўз фикрларини билдириб, МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг Самарқанддаги учрашуви самарали бўлганини таъкидлади.  

– МДҲдаги ҳар бир давлат хавфсизлик хизматлари бугунги мураккаб  шароитда ўз мамлакатида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида тажрибага эга, – деди С.Наришкин. – Шу билан бирга Ҳамдўстлик минтақасида турли хавф ва таҳдидларга қарши курашиш борасида биргаликда ҳаракат қилишимиз, ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан 21-мажлисда шу ва бошқа йўналишларда маълумот алмашиш, биргаликдаги ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш бўйича фикрлашиб олдик.  

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech