1969 йилда БМТ Тараққиёт жамғармаси томонидан бошқариладиган Аҳолишунослик фаолияти соҳасидаги жамғарма ташкил этилди. Жамғарма 1971 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бошқарила бошланди. 1987 йилда эса у ҳозирги – БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) номини олди.
БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг асосий мақсади ҳар бир инсон – эркак, аёл, боланинг соғлом ҳаёт кечириш ва тенг имкониятларга эга бўлиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. UNFPA жаҳон мамлакатларига камбағаллик билан курашиш бўйича сиёсатни ўтказиш ва дастурларни амалга ошириш, ёшлар, хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишларда аҳолига доир маълумотлардан фойдаланишда яқиндан ёрдам кўрсатади.
Жамғарма аҳоли турмушини яхшилаш, барқарор ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ мақсадларга эришишда халқаро ҳамжамиятга яқиндан кўмаклашмоқда. Аҳоли таркибининг ўзгариши, сонининг ошиши ёки камайиши, туғилиш ва ўлим миқдори, одамларнинг кўчиши каби ҳодисалар инсон ҳаёти, мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, UNFPA томони аниқланадиган аёллар соғлиғи, репродуктив саломатлиги, ҳуқуқларининг ҳимояланиши каби кўрсаткичлар ҳам аҳоли ҳолатига таъсир этади.
2020 йилнинг бошига келиб Ер аҳолиси сони 7,8 миллиард кишига етди. Курраи заминимизда ҳозир ҳар соатда 17,8 минг, ҳар куни эса 427,5 минг бола туғилмоқда. Жаҳон аҳолиси сони 2030 йилга бориб 8,6 миллиард, 2050 йилда 9,5 миллиард ва 2100 йилда 11,2 миллиард кишига етиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2 фоиз ўсди. Халқаро демографик таснифга кўра, мамлакатимиз аҳолиси ёш давлатлар қаторига киради.
Халқимизнинг ҳозирги ёш таркибида 30 ёшгача бўлган ёшлар улуши 62,1, 16 ёшгача бўлган болалар улуши 33,3, 16-29 ёшдагилар улуши 28,8 фоизни ташкил этади. Мамлакат аҳолисининг ҳозирги вақтдаги ўртача ёши 25,5 ёшга, шу жумладан, қишлоқда 24,1 ёшга, шаҳарда эса 27,9 ёшга тенгдир.
Бу демографик кўрсаткичлар аҳолишунослик соҳасидаги давлат сиёсати энг муҳим йўналишлардан бири бўлиши зарурлигининг амалий ифодасидир. Шунинг учун Ўзбекистон БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан самарали ҳамкорлик ўрнатган.
UNFPA Ўзбекистондаги ваколатхонасини 1993 йилда очган. Ҳозир у мамлакатимизда 2016–2020 йилларга мўлжалланган дастурини амалга оширмоқда. Ушбу дастурда репродуктив саломатлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳолишуносликка доир маълумотлардан ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларда фойдаланиш борасида тегишли давлат идораларининг салоҳиятини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Чунончи, жамғарма юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга ёрдам бермоқда. Бунда асосий эътибор репродуктив саломатлик ва она саломатлигини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш бўйича хизматларнинг сифатини оширишга қаратилмоқда.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси оналар ва болалар ўлими даражасини камайтириш ҳамда оила фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон эришган муваффақиятларни қайд этиб бормоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар сиёсатини ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида мамлакат эришган ютуқлар алоҳида эътироф этилмоқда.
Ҳар йили 11 июль - Жаҳон аҳолишунослик куни “1 миллиард ўсмир”, “Тенглик куч бағишлайди”, “Сиз оилани режалаштириб, келажакни режалайсиз”, “Ҳар бир шахс муҳим”, “Репродуктив саломатлик хизматларидан ҳамма тенг фойдалана олсин”, “Ёшларга инвестиция киритиб”, “Фавқулодда вазиятда ночор аҳоли”, “Оилани шакллантириш инсон ҳуқуқи” каби шиорлар остида ўтади.
Хусусан, 2020 йилда бу сана коронавирус пандемияси шароитида аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва курраи заминимизда гендер тенгликни таъминлашга бағишланди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.
Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий Кенгашларда 25 фоиздан ошди. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил аввал бу борада 128-ўринда эдик.
Хотин-қизларимиз ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, тиббиёт, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизда биргина 2019 йилнинг ўзида аёллар учун жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ҳамда Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ опа-сингилларимизга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.
Бу йилги Жаҳон аҳолишунослик кунини нишонлаш тадбирлари хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, қашшоқлик қамровини камайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2020 йил 11 июль сони)
- Қўшилди: 16.07.2020
- Кўришлар: 4396
- Чоп этиш