Урганчда профилактика инспекторлари халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик бўйича маҳоратини оширди
Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳияти инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Ички ишлар органлари, хусусан, маҳаллаларда фаолият юритувчи профилактика инспекторлари учун инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш – бу шунчаки хизмат вазифаси эмас, балки демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги муқаддас бурчдир.
Шу асосда юртимизда жиноятчиликни жиловлаш бўйича ёндашувлар тубдан ўзгарди. Ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ундан жабрланиши мумкин бўлган фуқароларни профилактика инспекторлари вақтида аниқлаши ҳамда мавжуд муаммолар “маҳалла еттилиги” томонидан самарали ҳал этилиши учун ижтимоий профилактика тизими ва унинг ижтимоий-ҳуқуқий механизмлари яратилди.
Урганч шаҳрида маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) профилактика инспекторлари учун “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида ўтказилган сеинар-тренинг аввалида шу ҳақда сўз борди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, шунингдек, ички ишлар органлари ва маҳалла тизими ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилди.
Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдумажид Шермуҳамедов тадбирни қутлов сўзи билан очар экан, профилактика инспекторлари давлатнинг маҳалладаги кўзи, адолат ва қонун устуворлигининг рамзи эканини қайд этди. Бинобарин, фуқаролар давлатдан, қонундан рози бўлиши биринчи навбатда айни соҳа вакилларининг кенг дунёқараши ва ишончли билими, мақбул муомала-муносабати, инсон ҳуқуқларига қанчалик амал қилаётганига боғлиқдир.
Очилиш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов иштирок этиб, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида нутқ сўзлади.
А. Саидов, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинганини таъкидлади. Айни семинар-тренинг ана шу халқаро ва миллий қарорлар талабларини изчил бажариш йўлида ташкил этилганига эътибор қаратилди.
Машғулотлар давомида “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар”, “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш – давлат ва жамиятнинг олий бурчи”, “Ички ишлар органлари профилактика инспекторларида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш”, “Қийноқларга қарши конвенция ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзуларида маърузалар тингланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси, профессор Илҳом Турғунов, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг Хоразм вилояти бўйича минтақавий вакили Гулистон Жумабоева, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси кафедра бошлиғи Дилором Худойберганова ва мазкур Академия доценти Умид Фозилов, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети Ижтимоий-иқтисодий фанлар факультети ҳуқуқ кафедраси катта ўқитувчиси Қаҳрамон Қўчқоров шу мавзулар юзасидан ўз чиқишларини тақдим этди.
Тадбир доирасида профилактика инспекторларидан бир гуруҳига намунали хизматлари учун фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский