Ҳар йили 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Ушбу кунни белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференцияларда юзага келган. 2002 йил Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан 12 июнь расман болалар меҳнатига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.
Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари халқаро миқёсда қуллик, болалар савдоси, қуллик меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг бошқа шакллари, болаларни қуролли тўқнашувларда, фоҳишабозлик ва порнография мақсадларида, шунингдек, бошқа ноқонуний фаолиятда ишлатиш учун мажбурланишидир.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёдаги ишлайдиган болалар сони 215 милллион, улардан 115 милллион нафари хавфли шароитларда ишлайди. Уларнинг кўпчилиги мактабга бориш учун деярли вақт йўқ, ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ - ўйнаш, кўпинча тўғри овқатланиш ва парваришида ҳам аҳамият берилмайди.
Болалар ижтимоий ҳимоясининг энг асосий жиҳатларидан бири хам айнан саломатлик билан боғлиқ масалалардан биридир. Бу соҳадаги ишлар, айниқса, дунёда кенг тарқалаётган коронавирус пандемияси даврида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, Юнисефнинг болалар саломатлигини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ушбу ҳамкорлик доирасида вакциналар ишлаб чиқарувчидан ҳар бир болага етиб боргунига қадар унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги занжир — инфратузилма тармоғи яратилди. Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал алъянс (ГАВИ) кўмаги билан Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида вакциналарни сақлаш учун янги совиткичли омборхоналар қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Расмий маълумотларга кўра, карантин шароитида мактабларнинг ёпилиши 8 миллиондан ортиқ боланинг таълим жараёнига таъсир қилди. Бунга жавобан ҳукуматимиз томонидан жуда қисқа вақт ичида телевизион дарсларни ўқув дастурига мувофиқ тарзда ташкил этилганини бугун дунёнинг эътироф ва эътиборида эканлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Мазкур жараёнларда ЮНИСЕФ ҳам Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликларига болаларнинг таълим олишини таъминлаш учун масофавий ўқитиш дастурларини ишлаб чиқишда кўмак берди. Бунга қўшимча равишда ота-оналар учун масофавий ўқишда болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳатларни ўз ичига олган видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этилмоқда.
Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатимиз томонидан бу борада илгари сурилаётган ташаббуслар, жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенсиясини ишлаб чиқиш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ва амалга ошириш борасидаги таклифларимиз халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда.
Айни кунларда ЮНИСЕФ ҳукуматимиз томонидан масофавий ўқитиш дастурининг қамрови ва самарадорлигини тезкор баҳолашни амалга ошириб, мамлакатимизнинг бу борадаги ютуқларини дунёга намойиш этишни ва ушбу тажрибадан сабоқ олишлари учун уни бошқа давлатлар билан ўртоқлашишни режалаштирмоқда.
Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат айтганидек, бу дунё ҳақиқатан ҳам кураш майдонига, соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ эса бу курашнинг қуролига айланиб бораётгани бугун бизга сир эмас албатта.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори тўғрисида сўз юритиб, агар одамлар ёшлигидан илм ўрганса, оқ-қорани таниб вояга етса, ҳар бир инсон ўзининг фикрида собит тура оладиган шахс сифатида шаклланса, бундай жамиятда нафақат террорчилик, балки бошқа муаммолар ҳам ўз-ўзидан барҳам топиб кетиши ҳақида сўз юритдилар.
Зотан, жонажон Ватанимиз 2030 йилга қадар бўлган давр учун ўз олдига улкан мақсадлар қўйди. Уларга эришиш йўлида биргаликда собитқадам бўлиб ҳаракат қилишимиз керак эканлигини виждонан ҳис қила олишдек бахтга Яратганинг ўзи бизни мушарраф айласин.
Абзалхўжаева Севарахон Акмалхўжа қизи
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
*фото интернетдан олинди
- Қўшилди: 10.06.2020
- Кўришлар:
- Чоп этиш