Тарих - ҳақиқатдир

Бугун башарият, шунингдек Ўзбекистон халқи фашизим устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш арафасида турибди. Ушбу сана ҳар йили фашизимга қарши курашга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

1941- 1945 йиллардаги даҳшатли урушнинг асоратлари унутилмайди, унитишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Уруш ҳеч бир ўзбек хонадонини четлаб ўтгани йўқ. Айрим фактларга мурожаат қилайлик:

Юртимиздан 1 миллион 951 мингга яқин кишилар урушга сафарбар этилди, 538 мингдан зиёд ўзбекистонлик фуқаролар ҳалок бўлдилар, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолдилар. 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговор давлат мукофотлари билан тақдирландилар, жумладан ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонларининг сони 301 нафар, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги “Шон-шараф” (“Слава”) орденига сазовор бўлдилар. 1,5 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар уруш бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчириб келтирилди.

Ўзбекистон уруш кетаётган ҳудудларга катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат етказиб берадиган муҳим таянч марказидан бирига айланди, 300 га яқин корхоналарда ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилиб, қисқа фурсатларда ишга туширилди.

Юқорида келтирилган маълумотлар дарёдан бир томчидир. Ҳали ҳам ўрганилмаган тарихий манбалар жуда бисёр, уларни ўрганш ва кенг жамоатчиликка етказиш ишлари давом этмоқда.

1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилганларни эъзозлаш, уларга ҳурмат – эҳтиром кўрсатиш, ҳалок бўлганларни хотирасини ёд этиш билан бир қаторда, 1545 нафар байналмилал жангчилар ҳамда  мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида жанговор ҳаракатларда ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотиралари ҳам ёд этилмоқда. Уларнинг номлари Мустақиллик майдонидаги хотира китобига киритилган. Жумладан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Жасорат” медали билан тақдирланган 16 нафар Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича жанговар-хизмат вазифаларни бажаришда қаҳрамонларча ҳалок бўлган чегарачиларнинг номлари ҳам Хотира китобига киритилган. Уларнинг  оила аъзолари эса  ҳар жиҳатдан давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилганларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш ва қадрлаш бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос қадрият ҳисобланади.

Тарихимизни чуқур ўрганиш, қадрлаш ва келажак авлодга етказиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Қаҳрамонларимизнинг хотираси абадий, зиро тарих – ҳақиқатдир.

 

А.К.Пулатов
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech