Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар

(9-декабрь Коррупцияга қарши курашиш ҳалқаро кунига бағишланган)

 

Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. Бинобарин, бугун каттами-кичикми, бойми-камбағалми, қудратлими-кучсизми биронта давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб ҳеч ким айта олмайди.

Ўзбекистон ҳам муаммодан халос бўлмаган. Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали бу иллат барҳам топгани йўқ.

Ўтказилган сўровларда фуқароларнинг фикрича, соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишда коррупция кенг тарқалган.

БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1,5-2,6 триллион долларгача зарар кўрмоқда.

Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади. Мисол учун, қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.02.2017 йилги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-2752-сонли қарори билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан маълум ишлар амалга оширилди.

Миллий марказ ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатлар шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида барча чоралар кўрилмоқда.

Марказда коррупцияга қарши курашиш бўйича иш режаси ишлаб чиқилган.

Марказда қабул қилинадиган барча буйруқ ва фармойишлар бажарилиши шахсан директор томонидан назорат қилиниб борилади.

15.02.2017 йилда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди ва барча ходимлар эътиборига етказилди.

Шу куни тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 3 нафар ходимдан иборат комиссия тузилган. Мазкур комиссия зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг коррупцияга қарши курашишга доир ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш бўйича қарорларини ижро этиш;

- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;

- коррупция масалалари билан боғлиқ келиб тушган ариза, мурожаатлар ва ҳужжатларни кўриб чиқиш, натижаларига кўра қонуний қарорлар қабул қилиш.

Марказ ва таҳририятга ишга кираётган ходимлар “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш тартиби тўғрисида”ги Низом ва уни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ билан имзо қўйдирган ҳолда таништирилиб борилади.

 Марказ ходимлари орасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини оширилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги бирламчи зарурий чоралар қўлланилган:

Марказда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2018-2021 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган.

Ходимларни ишга қабул қилиш, хизматни ўташ ва ходимларни ротация қилиш тартиби “Жамоа шартномаси” ҳамда “Марказ ходимларининг ички тартиб меҳнат қоидалари” асосида таъминланади.

Ходимларни ишга қабул қилиш масалалари Марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниб борилади.

Марказга коррупция масалалари билан боғлиқ жисмоний ва юридик шахслар вакилларидан келиб тушадиган мурожаатлар Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ходимлари томонидан кўриб чиқилади.

Ушбу турдаги мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2018 йилдаги ПҚ-4056  қарори ва бошқа тааллуқли қонун ҳужжатлари асосида кўриб чиқилади.

Марказнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти билан боғлиқ маълумотлар Марказнинг www.nhrc.uz расмий веб-сайти орқали мунтазам ёритилиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ҳамда ходимларнинг одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиш юзасидан Марказ сайтида алоҳида бўлим ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.04.2017 йилги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустахкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги ПҚ-2881-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ijro.gov.uz ижро интизомининг ягона бошқарув тизими ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари бажарилишини назорат қилиш, ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва самарали мониторинг қилиш мақсадида ijro.gov.uz, Е-kalit коди қурилмаси ҳамда Е-хат электрон хизмати тизими ҳозирги вақтда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишлари бўйича ҳар йиллик комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ва ижрога қаратилади.

Марказ томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан хамкорликни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри мулоқот қилиш бўйича 2017-2020 йилларга мўлжалланган Концепция ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу Концепция бошқа масалалар қаторида, коррупцияга қарши курашиш масалаларини хам ўз ичига қамраб олган.

Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди.

Орадан ярим йилга яқин вақт ўтиб, аниқроғи жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш билан боғлиқ “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013 сонли Фармони имзоланди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида шу куни “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4761 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан агентликнинг ташкилий тузилмаси, ташкил этилиши, ходимлари, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва бошқалар тасдиқланди.

Ҳозирги кунда мазкур агентлик ўз фаолиятини бошлаган.

ПФ-6013 сон Фармон ижроси юзасидан Марказда 30 июнь куни махсус буйруқ қабул қилинди ва Марказ бўлимларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий вазифалари белгилаб берилди.

Сир эмаски, барча давлат органлари ва муассасаларида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан жуда кўплаб учрашувлар, семинар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш, бартараф этиш бўйича оммавий ахборот воситалари орқали мингга яқин чиқишлар қилинмоқда.

Лекин очиқ айтиш керакки, бу тадбирлар коррупция соҳасида Президентимизнинг Фармон, қарорлари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлашни тўлиқ қамраб олаётгани йўқ. Бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Аҳолининг ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида жуда кўп ва жуда хўп гапирилмоқда. Идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида бу соҳада ўтказаётган тадбирлар, танловларнинг сон-саноғи йўқ.

Бюджет – халқ пулини ўмараётган, пора орқасида етти авлодига етадиган мол дунё тўплаётган коррупционерлар ким бўлишидан қатъи назар, прокурорми, ҳокимми, вазирми давлатимиз қонунлари олдида жавоб бераяптилар. Бундай ҳолатлар ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларида очиқдан-очиқ айтилмоқда, кўрсатилмоқда, кенг аҳолининг эътиборига етказилмоқда. Коррупционерларга юзлаб жиноий ишлар қўзғатилаяпти. Кўраяпмизки, қайсидир бир катта амалдор ёки хизматчи, ходим коррупция ботқоғига ботиб, пора деган бало ортидан жазога тортилаяпти.

Бугунги ривожланиб бораётган мустақил республикамизнинг эркин ва озод ҳаётимизга қора доғ, иллат бўлиб келаётган коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу вазифа нафақат ҳуқуқ органлари, балки ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Ота-она, идора раҳбари, нуронийлар, ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда бу иллатга қарши курашда фаол бўлишимиз зарурдир.

 

Отабек Норбоев
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech