Ҳозирда дунёнинг кўпчилик мамлакатларида ёшлар давлат ҳокимиятини шакллантирувчи, унинг фаолиятида иштирок этувчи, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига таъсир кўрсатувчи асосий кучга айланди. Давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида ёшларнинг роли сезиларли даражада ошиб бормоқда.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг марказида ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнларини тубдан такомиллаштириш ва замонавийлаштириш, баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари туради. Давлатимиз раҳбариташаббуси билан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги қонун, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатида муҳим аҳамиятга молик бўлган ҳужжатлардир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, республикамизда олиб борилаётган ёшларга доир сиёсат ўзининг изчиллиги билан алоҳида ажралиб туради.
Жумладан, мамлакатимизни модернизация қилиш, жамиятимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларини либераллаштириш вазифаси жамият ва давлат ҳаётида ёшларнинг ролига янгича ёндашувларни қарор топтириш ва ривожлантириш бугунги куннинг баҳс мавзусига айланди.
Юртимиз мустақилликни қўлга киритган дастлабки кунларданоқ Ўзбекистонда ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилиб, 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишива унинг 2016 йил 14 сентябрда янги таҳрирда тасдиқланиши мамлакатимизда ёшлар сиёсатига бўлган эътибор ва ғамхўрликни янгича босқичга кўтариши билан муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлда «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 18 июлда «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу меёрий ҳужжатларда ёшларнинг илмий ва инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ёш олимларнинг жаҳон илмий майдонида рақобатбардошлилигини шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ёшларнинг интеллектуал мулк объектларини республиканинг иқтисодий ва ижтимоий тармоқларига жорий этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ҳузурида ёшлар масалалари билан шуғулланувчи “Ёшлар қаноти” ташкил этилган.Булардан кўзланган асосий мақсад – мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олишида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ёшларнинг онгига миллий истиқлол ғоясини сингдириш, уларда жамиятимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган турли хил ғоявий таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, миллий урф-одатлар, қадриятлар ва анъаналаримизни эъзозлаш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда ёшларни фаол иштирок этишга чақириш, барча бўғинлардаги партия органларига сайланиш, ҳокимият вакиллик органларига номзодини кўрсатиш, партия йиғилишларида муҳокама килинаётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириш, таклифлар киритиш, дастурий мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнларида бевосита ёшларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга интилиш, ёшлар орасида яратувчанлик ғояларини илгари суриши ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан амалий таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқиш кабилардан иборат
Умуман олганда, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган соғлом ва баркамол этиб вояга етказишга ҳамда ёшларни юксак маънавиятли ва юқори малакали кадрлар қилиб тайёрлашга, шунингдек Ватанга хурмат руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўтган қисқа фурсат давомида ёшлар сиёсатига доир амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва уларнинг ижобий натижаси билан ҳар қанча фаҳрлансак арзийди.
Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати натижасида олиб борилган самарали тадбирлар натижасида мамлакат ёшлари жаҳон ареналарида ҳам улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Бу ёшларнинг иқтисодиёт, сиёсат, спорт, маънавият, илм-фан соҳаларидаги ютуқларида намоён бўлади. Бироқ мамлакат илм-фанида ёшлар ташкилотларининг ташкил топиши, ривожланиши, фаолияти тарихи алоҳида тадқиқ қилинмаган. Бизнингча, Ўзбекистонда ёшлар ташкилотлари фаолияти фанлараро йўналишда алоҳида-алоҳида ва умумий хусусиятларига кўра тадқиқ этилиши улар олдида турган муаммоларни аниқлашда, бу муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Бу масалалар тарих, социология, сиёсатшунослик, ҳуқуқшунослик, педагогика каби ижтимоий фанларнинг олдида турган долзарб муаммолардан ҳисобланади. Чунки, ёшлар муаммоларини аниқлаш ва уларга ечим топиш мамлакат барқарор ривожланишининг муҳим кафолатидир.
ХАСАНОВА МУХЛИСА
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
катта таҳрирчиси
- Қўшилди: 30.06.2020
- Кўришлар:
- Чоп этиш