Коррупция – манфаат эвазига хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш бугунги кунда дунёнинг барча давлатларида энг катта хатар сифатида баҳоланмоқда. Унинг илдизлари, энг аввало, шахс ахлоқига, шунингдек, жамиятдаги муҳитга ва қонун устуворлигига бориб тақалади.
Ахлоқан баркамол ва соғлом фикрловчи шахс коррупцияга йўл қўйишни виждонан қабул қилолмайди. Ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилишни халқига ва давлатига нисбатан хиёнат деб билади.
Бундай юксак маънавиятли шахсларни тарбиялашда жамиятдаги муҳит беқиёс аҳамиятга эга. Жамият коррупцияни жиноят ва йўл қўйиб бўлмас ҳолат сифатида баҳоласа, бу фикр авлоддан авлодга ўтиб борса ва ўзига хос ўзгармас стереотипга айланса, бундай жамиятдан юксак ахлоқли шахслар етишиб чиқади. Ўз-ўзидан коррупциянинг илдизига болта урилади.
Жамиятда коррупцияга қарши муҳитнинг шаклланиши эса, ҳеч шубҳасиз, қонунларнинг мукаммаллигига ва устуворлигига боғлиқ. Қонунлар жамиятдаги турли муносабатларни тартибга солар экан, коррупция юзага келиши эҳтимолини имкон қадар бартараф этиши жоиз.
Тарихан ва бугунги давр нуқтаи назаридан қараганда, коррупцияга қарши курашнинг, асосан, икки йўли мавжудлиги кўзга ташланади:
Биринчиси, ниҳоятда кескин қонуний жазо чораларини қўллаш;
Иккинчиси, жамиятда коррупцияга қарши маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда шахс ахлоқига эътибор қаратиш.
Коррупцияга қарши кескин қонуний чоралар, ҳатто ўлим жазосини қўллаш амалиёти, асосан, инсоният цивилизациясининг дастлабки даврларида шаклланган давлатларда жорий этилган ва бугунги кунда ҳам аксар мамлакатларда мавжуд. Масалан, Хитой Халқ Республикасида катта миқдорда пора олган шахсларга ўлим жазоси тайинланади.
Жамиятда коррупцияга қарши соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, инсонларни коррупцияга ундовчи ҳолатларни бартараф этиш, бунда таълим ва тарбияга юксак эътибор қаратиш ҳозирги даврда аксар давлатлар томонидан коррупциянинг олдини олишда энг тўғри йўл дея баҳоланади. Бунда коррупцион жиноят содир этган шахсларни жазолаш эмас, жиноят содир этилишининг олдини олиш бош мақсад саналади. Жиноят содир этган шахсларни жазолашда уларни қайта тарбиялаш, қилмишининг зарарини тушунтириш ва соғлом ҳаётга қайтариш мезонларидан келиб чиқилади. Айтиш ўринлики, мамлакатимизда ҳам коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда айни шу тамойилга амал қилинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонда 2016 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унга кўра қуйидагилар коррупцияга қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
- давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.
Шунингдек, жорий йилнинг март ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг ташкил этилиши ҳам бу борада асосий эътибор жамиятнинг ўз-ўзини ушбу иллатдан фориғ қилишига, халқ вакиллари – депутатлар орқали ижро ва суд органлари устидан коррупцияга қарши парламент назоратини ўрнатишга қаратилганидан далолат беради.
Мазкур қўмита зиммасига давлат органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган амалий дастурларнинг бажарилиши жараёни устидан кучли парламент назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида коррупцияга олиб келувчи нормалар мавжудлигини аниқлаш нуқтаи назаридан уларни чуқур таҳлил қилиш каби вазифалар юклатилди.
Жорий йилнинг 29 июнь санасида эълон қилинган Президент Фармони билан мамлакатимиз тарихида илк бор коррупцияга қарши курашувчи махсус ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш ҳамда мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул экани белгиланди.
Шунингдек, юқоридаги фармонга асосан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди.
Шу ўринда, 2019 йилдан бошлаб мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури асосида мақсадли ва тизимли равишда олиб борилаётганини ҳам таъкидлаш лозим.
Кўриниб турибдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишга ниҳоятда катта эътибор қаратилмоқда. Албатта, қонуний негизни мустаҳкамлаш, Давлат дастури асосида тизимли чора-тадбирлар олиб бориш, назорат ва мониторинг органларини ташкил этиш орқали коррупцияга қарши курашишда сезиларли натижаларга эришилмоқда, аммо бу иллатнинг чуқур илдизларини жамиятдан батамом суғуриб ташлаш учун, энг аввало, ҳар биримиз масъул эканимизни тўла англаб етишимиз керак.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”.
Фарҳод Низомов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул ходими
- Қўшилди: 30.07.2020
- Кўришлар:
- Чоп этиш