26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни
Тафаккур – инсоният тамаддунини ривожлантирувчи энг асосий кучдир. Жаҳон цивилизациясини инсон тафаккури маҳсули бўлган ғоя, ихтиро ёки санъат асарларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси табиий ва ижтимоий қонуниятлар асосида моддий ҳамда маънавий эҳтиёжлар қуршовида яшашини эътиборга олсак, ихтиро ёки санъат асарларига интеллектуал мулк сифатида қараш дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшадиган илм ва истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва уларга кенг имкониятлар яратиш имконини беради.
Бугунги кунда халқаро миқёсда интеллектуал мулк ҳуқуқининг кафолатланиши ва таъминланиши Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (World Intellectual Property Organization, WIPO) томонидан амалга оширилади ҳамда назорат қилинади. Ушбу нуфузли ташкилот БМТнинг ихтисослашган агентлиги бўлиб, фаолиятининг асосий йўналишлари ишончли ва барқарор халқаро интеллектуал мулк тизимини ривожлантиришга қаратилган. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг таъсис этилишига асос бўлган Конвенция 1970 йил 26 апрелда кучга кирган. 2000 йилдан бошлаб ҳар йили 26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни сифатида кенг нишонланади.
Халқаро интеллектуал мулк куни ҳар йили муайян мавзуга бағишланади ва мавзу доирасида дунёнинг кўплаб мамлакатларида конферециялар, интеллектуал ҳамда кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
Жорий йилда ушбу халқаро сана “Бозор (иқтисодиёти)га ўз ғояларингизни тақдим этинг” шиори остида нишонланмоқда. Бу орқали кучли ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришда, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда интеллектуал мулкнинг аҳамиятини тарғиб этиш кўзда тутилган.
2020 йилда жаҳон миқёсида мислсиз кулфатлар олиб келган коронавирус пандемияси глобал иқтисодий муаммоларни ҳам келтириб чиқаргани сир эмас. Бундай паллада глобал даражада ҳам, миллий даражада ҳам иқтисодиётни таназзулдан асрашнинг энг мақбул ечими – янги инновацион ишланмалар, кашфиётлар ва технологиялардир. Бу эса XXI асрда давлатнинг куч-қудрати унинг интеллектуал салоҳияти билан белгиланишини яна бир бор тасдиқлайди.
Таъкидлаш ўринлики, Учинчи Ренессансга замин ҳозирлаётган Янги Ўзбекистон ҳам илмий-инновацион ривожланиш йўлини танлади. Мамлакатимизда сўнгги беш йилда 28 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк ташкил этилди. Илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш, шунингдек илм аҳлини қўллаб-қувватлаш учун катта маблағлар йўналтирилмоқда. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг қонуний асослари такомиллаштирилмоқда.
Жумладан, 2021 йилнинг 28 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Унинг мақсади интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги асосий омил эканлигидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан жорий йилдаги Халқаро интеллектуал мулк куни учун танланган мавзу ҳар биримизни, айниқса тадбиркорларни ва ушбу фаолиятга қизиқувчиларни инновацион ёндашув орқали иш олиб боришга даъват этади. Зеро, илм-фан ютуқлари билан уйғунлашган тадбиркорлик фаолияти, ҳеч шубҳасиз, барқарор ривожлана олади.
Назира Рахматиллаева,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали мутахассиси
*фото интернетдан олинди
- Қўшилди: 26.04.2021
- Кўришлар:
- Чоп этиш