Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг халқаро ва миллий ҳуқуқий стандартлари

Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Атроф-муҳит муҳофазаси ниҳоятда муҳим. Яшаш учун табиатни асрашимиз, табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорлик билан фойдаланишимиз зарур. Шунингдек, бугунги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли буткул тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган, боз устига аҳоли нуфуси ўсиб бораётган, иқтисодий тараққиётга эҳтиёж кун сайин ортаётган вазиятда атроф муҳитни сақлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа саналади.

Ушбу мақолада атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган ҳуқуқий асослар халқаро, минтақавий ва миллий стандартлар асосида кўриб чиқилди.

  1. Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг халқаро стандартлари.

Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишда халқаро экологик ҳамкорлик жуда муҳим аҳамият касб эатади, бунда - ер юзидаги барча мамлакатлар томонидан табиат муҳофазасига доир халқаро келишув -шартнома, конвенциялар тузиш, халқаро экологик меъёрларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини ҳамкорликда назорат қилиш, умумсайёравий ва ҳудудий экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, илмий тадқиқотлар ва турли халқаро анжуманлар ўтказиш каби кенг кўламли тадбир чоралар комплекси тушунилади.

Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишда халқаро доирада қўйилган биринчи қадамлардан 1913-йилда Берн (Швецария)да 18 та давлат иштирокида "Табиатни муҳофаза қилиш" бўйича халқаро конференция ўтказиш бўлди. 1923-йилда эса Парижда биринчи халқаро табиатни муҳофаза қилиш конгресси бўлиб ўтди. 1928-йилда Брюссел (Белгия)да "Табиатни ҳимоя қилиш халқаро бюроси" очилди. Ушбу халқаро тадбирлар доирасида Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишга эътибор бир мунча кучайди.

1945-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилиши муносабати билан атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ушбу халқаро ташкилот фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида ривожлана бошлади. БМТ халқаро экологик ҳамкорликни янада тараққий эттириш йўлида кўп ишларни амалга оширди. Дастлаб 1948-йилда БМТ ташаббуси билан "Табиатни ҳимоя қилиш халқаро бюроси" "Табиатни муҳофазалаш халқаро иттифоқи" га айлантирилди. Ҳозирги кунга келиб ушбу иттифоқ фаолиятида дунёнинг 118 мамлакатидан 636 тадан зиёд давлат ва жамоатчилик ташкилотлари иштирок этмоқдалар.

Шунингдек, бугунги кунда БМТнинг мавжуд 14 та ихтисослашган ташкилотларидан 6 таси атроф-муҳит муҳофазасига алоқадор масалалар билан шуғулланади. Хусусан:

ЮНЕСКО - таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида маориф ва кадрлар тайёрлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ижобий тажрибаларни оммалаштириш, илмий тадқиқотлар ўтказишга қаратилган.

ФАО - озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилот. У ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонлардан комплекс фойдаланиш, уларнинг унумдорлигини ошириш муаммолари билан шуғулланади.

ЖСТ - халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти. Атроф-муҳит муҳофазасининг санитар гигиеник масалалари билан шуғулланади.

ХМТ - халқаро метеорологик ташкилот. Иқлимдаги умум сайёравий ўзгаришлар билан шуғулланади.

ДМТ - денгизлар бўйича давлатлараро маслаҳат ташкилоти. Бу ташкилот дунё денгиз ва океанларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатлари билан шуғулланади.

Юқоридагилардан ташқари БМТнинг ижтимоий ва иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи кенгаши - ЭКОСОС фаолиятида ҳам атроф-муҳит муҳофазасига жиддий эътибор берилади.

Шунингдек, аторф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 1985-йилги озон қатламини ҳимоя қилиш (Вена) конвенцияси, 1987-йилги озон қатламини емирувчи бирикмалар бўйича Протокол (Монреал), 1989-йилги (Базел) хавфли чиқиндиларни чегаралараро ташишни назорат қилиш конвенцияси, 1992-йилги (Рио-де-Жанейро) биологик ранг-барангликни сақлаш конвенцияси, 1992-йилги (Ню-Ёрк) иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенциялар мавжуд.

 

Халқаро атроф-табиий муҳитни муҳофазалаш куни.

1972-йиида Стокголм (Швеция)да 113 мамлакат, турли давлатлараро ва нодавлат ташкилотлари иштирокида БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича конференцияси ўтказилди. Унинг натижалари асосида "Атроф-муҳит тўғрисида декларация" қабул қилинди.

Стокголм конференцияси қарорлари БМТнинг 32 -Бош Ассамблеясида кўриб чиқилди ва улар асосида 11 та резолюция қабул қилинди. Бу резолюцияларда БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги тадбирларининг ташкилий маъмурий ва ҳуқуқий асослари ёритиб берилди.

Атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига дунё жамоатчилиги эътиборини янада кучайтириш мақсадида 1972 - йил БМТнинг 1-жаҳон конгрессида ҳар йили 5 июнни "Халқаро табиатни муҳофазалаш куни" деб эълон қилинди. Шу йили БМТ Бош Ассамблеясининг 27-сессиясида давлатлараро ҳамкорликнинг ташкилий ва молиявий тадбирларини белгиловчи "Ташқи муҳит бўйича БМТнинг иш дастури" (ЮНЕП) ва уни бошқарувчилари Кенгаши таъсис этилди. 1973-йил (Стокголм) мазкур кенгашнинг 1-сессиясида "Атроф-муҳит соҳасидаги ҳаракат дастури" муҳокама қилиниб, унда ХЭҲнинг 7 та энг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

1982-йилда БМТ "Умумжаҳон табиат Ҳартия"сини тасдиқлади. Уни инсоннинг табиатга муносабатини белгиловчи ўзига хос кодекси дейиш мумкин.

1985-йилда Венада (Австрия) БМТ раҳнамолигида озон қатламини муҳофазалаш бўйича конвенция қабул қилинди. Ушбу конвенциядан келиб чиқиб дунёнинг бир қатор мамлакатлари озон қатламини емирувчи моддалар ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатиш ёки қисқартириш бўйича ихтиёрий мажбуриятлар олдилар. Конвенцияда бундан ташқари озон қатламини муҳофазалашнинг турли жиҳатларига қаратилган илмий тадқиқотларни ривожлантриш ва амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор Ривожланиш соҳасидаги 17 та миллий мақсад ва вазифаларнинг 13, 14, 15 мақсадлари бевосита атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги вазифаларни ва йўналишларни белгилаб берган.

Бунда:

13-мақсад: Иқлим ўзгаришига қарши кураш

Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни кўриш;

14-мақсад: Денгиз экотизимларини асраш

Барқарор тараққиойт йўлида океанлар, денгиз ва денгиз ресурсларини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш;

15-мақсад: Ер экотизимларини асраш

Ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, қумланишга қарши кураш, ерларнинг таназзулга учраши жараёнини тўхтатиб, ерларни қайта тиклаш, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш.

 

  1. Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг миллий стандартлари.

Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўз аксини топган. Конституциянинг 50, 54, 55 ва 100-моддаларида фуқароларинг ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, атроф-муҳитга муносабат ва бошқарув тизими бўғинларининг фаолияти белгиланган. Жумладан, 50-моддада "Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдир"лар дейилади. 100-моддада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маҳаллий ҳокимлик органлари вазифасига кириши таъкидланган.

Шунингдек, 1996-йил 27-декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Қонун 30 та моддадан иборат бўлиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар, ҳаво муҳитига зарар етказганлик учун жавобгарлик каби моддалар мавиуд.

1994-йил 23-сентабрда Ўзбекистон Республикасининг "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Қонун 10 та бўлим ва 51 та моддадан иборат.

1993-йил 6-майда Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувлардан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.

1999-йил 14-апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.

2000 - йилда Ўзбекистон Республикасининг "Экологик экспертиза тўғрисида" ги қонуни қабул қилинган.

2001-йил 6-декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Чиқиндилар тўғрисида” ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонунда республика ҳудудида чиқиндилардан фойдаланиш, уларни қайта ишлаш, экспорт қилиш тартиби, бу борада корхона ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз ифодасини топган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг иккинчи чақириқ 7 - сессиясида Ўзбекистон ҳудудида "Биологик ранг-барангликни сақлаш" конвенцияси ҳам қабул қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда ўзбекистон республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги ПФ-5863-сон Фармони қабул қилинган. Ушбу Фармон доирасида концепция эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткичлар ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч йил муддатга алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган «йўл хариталари» асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

Концепция кўрсатиб ўтилган даврда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилайди, уларнинг амалга оширилиши эса келажак авлодларнинг манфаатлари йўлида давлатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш имконини беради.

Концепциянинг мақсад ва вазифалари:

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарур шарти сифатида атроф муҳитнинг қулай ҳолатини таъминлаш;

атроф муҳитга ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсирни пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланиш;

атроф муҳит объектларидан оқилона фойдаланишни ва биологик ресурслар қайта тикланишини таъминлаш.

Қуйидагилар Концепциянинг вазифалари ҳисобланади:

атроф муҳит объектларини (ер, сув, атмосфера ҳавоси, ер қаъри, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси) сақлаш ва қўриқланишини таъминлаш;

қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назоратини, шунингдек, атроф муҳитнинг экологик мониторинги тизимини такомиллаштириш;

атроф муҳитни муҳофаза қилишни илмий жиҳатдан таъминлаш;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг ошкоралик даражасини ошириш ва фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш;

атроф муҳитга минимал оғирлик туширадиган барқарор ривожланишни таъминловчи жамиятни шакллантириш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда БМТнинг атроф-муҳит муаммолари билан шуғулланувчи 7 та миссияси фаолият кўрсатмоқда, айниқса, Орол ва Орол бўйидаги экологик муаммолар Халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб ушбу йўналишда турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 18 майда Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясига ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколига қўшилди.

2030 йилда гидрохлорфторуглеродлар ишлатишни батамом тўхтатиш Ўзбекистон учун Монреал протоколининг халқаро мажбуриятларини бажаришга риоя этишнинг стратегик йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон 1993 йилдан буён БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг (Нью-Йорк, 1992 йил май) аъзоси ҳисобланади, ушбу Конвенцияга Киото протоколи 1998 йилда имзоланган ва 1999 йилда ратификация қилинган, Париж битими эса 2017 йилда имзоланган ва 2018 йилда ратификация қилинган.

Ўзбекистон 1992 -йилда имзоланган МДҲ Давлатлараро Экология Кенгашининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Хитой, Грузия, Ҳиндистон, Исроил, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Корея Республикаси, Словакия, Швейцария, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Туркманистон ва Украина билан атроф-муҳитга тегишли компонентлар киритилган бир қатор икки томонлама битимлар имзолаган.

Ушбу битимларда Ўзбекистон қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:

  1. Сув ва ҳавонинг ифлосланиши мониторинги технологиялари.
  2. Табиатни муҳофаза қилиш илми ва технологиялари тадқиқотлари.
  3. Екологик таълим, мутахассисларни тайёрлаш ва тарғибот.
  4. Табиатни муҳофаза қилиш раёнларини бошқариш ва биологик турларни ҳимоя қилиш.
  5. Екологик тоза ишлаб чиқариш технологияси.
  6. Табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар, қонун-қоидалар, сиёсат ва стандартлар, шу жумладан саноат ишлаб чиқариши ва маҳсулотлари учун екологик стандартлар.
  7. Томонлар келишиб олган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилашга тааллуқли ҳамкорликнинг бошқа соҳалари.

 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлик.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик меъёрларида белгиланган. Маъмурий кодексда жиноят турига қараб турли миқдорда жарималар тўлаш ва маълум ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг
4-бўлими "Экология соҳасидаги жиноятлар" деб юритилади. Жиноят кодексида Экология соҳасидаги турли жиноятлар учун жарима тўлаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мол-мулкни мусодара қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ ва озодликдан маҳрум қилиш чоралари белгиланган.

 

Иқбол Абдумажидов
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари бўйича
халқаро ҳамкорлик бўлими
етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech