Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2018 йил 24 январни Халқаро таълим куни деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди.
Ушбу резолюцияда таълим жамиятни ривожлантиришда ҳал қилувчи роль ўйнаши ва барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришига хизмат қилиши эътироф этилган. БМТнинг Бош Ассамблеяси барча давлатларни Барқарор ривожланиш соҳасидаги 4-мақсадни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга эътиборни кучайтиришни тавсия қилди.
БМТ Бош Ассамблеяси Халқаро таълим кунини байрам қилиш бўйича барча тадбирларни ташкил этишни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган муассасаси – ЮНЕСКОга топширди.
ЮНЕСКО 2020 йилдаги Халқаро таълим кунини “Одамлар, жаҳон, фаровонлик ва тинчлик учун ўқитиш” шиори остида ўтказишни белгилаб берди. Бу таълимнинг инсонпарварлик мақсадлари ва унинг жамиятни ривожлантиишдаги ҳал қилувчи ролини ифода этади. ЮНЕСКО, шунингдек, Халқаро таълим кунини кенг кўламда, устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда байрам қилишни тавсия этди.
Маълумки, таълим олиш ҳуқуқи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияисининг 26-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу моддада барча давлатлар бепул бошланғич таълимни таъминлашга даъват этилади. 1989 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда давлатларнинг ҳамма учун олий таълим олиш имкониятини таъминлаш мажбурияти тўғрисидаги қоида мавжуддир.
Жаҳон ҳамжамияти 2015 йилнинг сентябрь ойида 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Кун тартибини қабул қилиб, таълим Барқарор ривожланиш соҳасидаги барча 17 мақсадга эришишнинг ҳал қилувчи омили эканлигини эътироф этди. Барқарор ривожланиш соҳасидаги 4-моддада эса сифатли ва адолатли таълим билан ҳаммани қамраб олишни таъминлаш ҳамда барча учун бутун умр давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш кўзда тутилган.
Таълим қашшоқликдан қутилиш ва келгусида фаровонликка эришиш имкониятини тақдим этади. Бироқ ҳозирги пайтда жаҳонда 262 миллион бола ва ўсмир мактабга бормайди. 617 миллион бола ва ўсмир эса ўқишни ва математиканинг энг оддий қоидаларини билмайди. Шунингдек, Африка мамлакатларидаги қиз болаларнинг фақат 40 фоизидан камроғи бошланғич таълим олади. Қочоқ ҳисобланган 4 миллион бола ва ўсмир ҳам мактабга бормайди. Бундай ҳолат уларнинг таълим олиш ҳуқуқини бузади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.
Жаҳондаги давлатлар инклюзив, адолатли ва сифатли таълим олишни таъминламасдан ҳамда фуқаролари учун бутун умр давомида таълим олиш имкониятларини тақдим этмасдан гендер тенглигига эриша олмайди. Шу билан бирга таълим соҳасини ривожлантирмасдан миллионлаб ёшларни қашшоқликдан ҳалос этиб бўлмайди.
Сифатли ва узлуксиз таълимни ривожлантириш Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатда амалга оширилган таълим соҳасидаги ислоҳотлар фақат унинг тизими мазмунини ўзгартирибгина қолмасдан, таркибини ҳам такомиллаштирди. Кейинги йилларда таълимнинг барча даражаларида туб ўзгаришлар бўлди. Бунинг учун таълим соҳасига катта миқдорда инвестициялар киритилмоқда. Бу интеллектуал ривожланган ва юқори даражада инсон капиталига эга бўлган шахсларни тарбиялашга хизмат қилади.
Бу йил Халқаро таълим кунини байрам қилиш таълим инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири эканлигини, мамлакатни тараққий эттириш, ижтимоий фаровонликни таъминлашнинг гарови эканлигини ёрқин намойиш қилишга хизмат қилиши керак. Бу Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришишнинг воситаси ҳамдир.
Фарход Ҳайитбоев
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикасининг
Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
таълим ва маърифат бўлими бошлиғи
* фото интернетдан олинди
- Қўшилди: 24.01.2020
- Кўришлар: 0
- Чоп этиш