21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни
Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсат концепциясига тўла мос келадиган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати ташаббускори сифатида оғишмай қадам ташлаб келмоқда. Бу концепцияда, аввало, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида 2018 йил 27 март куни Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик”, 2021 йил 15-16 июль кунлари “Марказий ва жанубий Осиё:минтақавий ўзаро боғлиқлик, Таҳдидлар ва имкониятлар” ҳамда 2022 йил 25-26 июль кунлари “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзуида ўтказилган халқаро конференциялар – тинчлик ва барқарорликни таъминлаш сари ташланган муҳим қадамлар ҳисобланади.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ халқаро жиноятчилик, айниқса, унинг ўта хавфли кўриниши ҳисобланган халқаро терроризимга қарши курашда дунёдаги тинчликсевар давлатлари кучларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ташаббуси билан чиққан эди. Бугун ушбу мудҳиш иллатга қарши дунёнинг барча халқлари бир тану бир жон бўлиб курашиш лозимлиги яққол кўриниб турибди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 2020 йил май ойида Иккинчи жаҳон уруши тугашининг 75 йиллиги муносабати билан йўллаган мурожаатида шундай деган эди: “Иккинчи жаҳон уруши тугашининг 75 йиллиги нишонланиши асносида, келинг, 1945 йил сабоқларини эслайлик ҳамда саъй-ҳаракатларимизни пандемияга барҳам ва барча учун тинчлик-осойишталик, хавфсизлик ва қадр-қиммат улуғланадиган келажак барпо этиш мақсадлари йўлида бирлаштирайлик”.
Яқин ўтмиш тарихига бир назар ташлайлик ва хулоса қилайлик.
Афғонистонда бошланган нотинчлик ва уруш ҳаракатлари 40 йилдан ортиқроқ давом этди.Ҳалигача бу юртдан уруш таҳликаси кетгани йўқ. 1992-97 йиллар давомида юз берган Тожикистондаги фуқаролар уруши 160 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди. Ироқ, Сурия, Ливиядаги урушлар, Тоғли Қорабоғ теварагидаги юзага келган келишмовчиликлар ва низолар, Ўш, Фарғона, Паркент, Бўка, 1991 йилнинг декабрида Наманганда юз берган тартибсизликлар, 2001 йил 11 сентябрь АҚШдаги террорчилик ҳаракатлари натижасида 2977 киши ҳалок бўлган ва яна 24 киши бедарак йўқолган, 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари, 2010 йил июнда такрорланган Ўш фожиаси, қўшни Қозоғистондаги нотинчликлар, юртимизда яқинда руй берган воқеалар, бугунги кундаги Украина ва Россия ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ва ҳоказо.
Хулоса шуки, юқорида қайд этилган ҳолатлар жаҳонда , жумладан минтақада беқарор вазиятни, нотинчликни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар, таҳдидлар ҳануз ҳам мавжуд эканини яна бир бор тасдиқламода. Бундай бало-қазоларга қарши ўз вақтида чора кўриш, бутун имкониятларимизни уларга сафарбар этиш, барча - тинчликни, мамлакатлар, халқларнинг тинч-тотув яшашини истайдиган ва шунга интиладиган тинчликсевар халқлар ва элатларнининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур эканлигини англамоғимиз лозимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити:Ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида таъкидлаганидек “Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир”.
Бебаҳо бойлик ТИНЧЛИКни сақлаш, унинг келажакка безавол етишига ҳиссадор бўлиш ҳар биримизнинг инсоний вазифамиздир.
А.К.Пулатов
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
*фото интернет тармоғидан олинди
- Қўшилди: 21.09.2022
- Кўришлар:
- Чоп этиш