Коронавирус ва масофавий ўқитишнинг ўзига хос хусусиятлари

Коронавирус (COVID-19) пандемиясининг кенг тарқалиши оқибатлари бутун дунё, жумладан, мамлакатимиз аҳолиси учун ҳам синовли кечди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус тарқалиб кетиши олдини олиш ва унинг асоратларини бартараф этиш бўйича махсус чоралар кўрилиб, карантин чекловлари жорий этилди. Мамлакатимизда пандемиянинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар жаҳондаги кўпгина мамлакатлар учун ибрат, намуна сифатида тан олинди.

Коронавирус пандемияси туфайли барча идора ва ташкилотлар, жумладан, таълим муассасаларда ҳам масофавий ёки онлайн ишлаш ва ўқиш тартиби жорий этилди. Умуман олганда, масофавий ўқитиш тизими жуда қулай бўлиб, иқтисодиёт ва ҳаётни янада рақамлаштиришга олиб келади.

Дунёда кўпгина олий таълим муассасалари, йирик корхоналар мутахассислар малакасини ошириш мақсадида, масофавий ўқитиш тизимидан фойдаланган ҳолда, йилига миллионлаб пул маблағларини тежамоқда. Шу билан бирга, бундай тизимдан ногиронлиги бўлган шахслар, узоқ ҳудудларда яшовчи болалар ҳам фойдаланишлари  мумкин.

Масофавий таълимнинг ташкилий-иқтисодий афзалликлари ҳам мавжуд бўлиб, масалан, ўқитиш учун ўқув хоналари, столлар ва бошқа ўқув қуроллари зарур эмас. Молиявий харажатлар асосан ўқув-услубий материаллар тайёрлаш ва интернет трафиги учун сарфланади. Табиийки, бунда харажатлар камаяди. Ўқув-услубий материаллар қанчалик тушунарли ва батафсил бўлса, талабага шунчалик фойдали бўлади.

Виртуал ўқитиш ва ўрганиш жараёнида қўллаш мумкин бўлган кўплаб шакл ҳамда услублар мавжуд. Буларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб боради. Албатта, виртуал оламнинг имкониятлари чексиздир. Масалан, campus youtube ёрдамида видеога боғланиш ёки матнли ҳужжатларни қўшиш ёхуд camtasia studio орқали овоз ёзиб кўрсатмали видео дарслар тайёрлаш мумкин.

Ҳозирда “ZOOM” платформаси орқали онлайн дарслар ҳам ташкил қилинмоқда. Университетларнинг ҳар бир профессор-ўқитувчиси бу платформага видеомаъруза, маърузалар матни, мавзулар бўйича тақдимот материаллари, мустақил иш, очиқ ва ёпиқ тестлар, глоссарий киритиб ўз вақтида талабаларнинг билимларини баҳолаб бормоқда.

Онлайн дарс – бу анъанавий ўқитиш усулларига қўшимча равишда янги ўқитиш шакли, яъни масофавий ўқитишдир. Бундай замонавий таълим тизими ҳар бир ўқитувчи-педагогдан аудиторияга бўлган ёндашувларни қисман унутиб, виртуал аудиторияларга мослашиш, илғор ўқитиш технологияларини ўзлаштириши зарурлигини тақозо этади.

Масофавий таълим тизими орқали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, тингловчилар учун масофавий малака ошириш имкониятини яратиш, таълимнинг турли интерактив шаклларини бир-бирига яқинлаштиришга эришиш мумкин. Бугунги кунда хорижда масофавий таълимда:

  • уйдан туриб билим олиш;
  • Университет томонидан тайёрланган видео дарслардан фойдаланиш;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш;
  • бир вақтнинг ўзида қўшимча тарзда бошқа йўналишларда таълим олиш;
  • шахсий қизиқишлари бўйича салоҳиятини ошириш тажрибаси кенг татбиқ этилмоқда.

Юртимиздаги барча таълим муассасаларида жорий қилинаётган ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси ҳам бу каби имкониятлардан фойдаланиш учун қулайликлар туғдиради.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг таълим тизимига кенг миқёсда жорий этилгани ўқитиш жараёнининг барча босқичлари, жумладан, янги ўқув материалларини тушунтириш, такрорлаш, умумлаштириш, тингловчиларнинг фан бўйича эришган билим ва малакаларини текширишда яққол намоён бўлмоқда. Шунингдек, талабалар ва тингловчиларнинг ижтимоий ва касбий фаоллигини оширишга эришилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, масофавий таълимнинг таълим муассасаларига жорий этилиши ҳар томонлама фойдалидир. Республикамиз миқёсидаги барча олий таълим муассасалари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланиши, таълим муассасаси фаолиятининг ахборотлаштирилиши таълим сифатининг ошишига хизмат қилади.

Ахборотлаштиришнинг асосий мақсади, биринчи навбатда, таълим сифатини оширишга қаратилган бўлса, кейинги ўринда жараёнларни автоматлаштириш орқали олий таълим муассасаси ходимлари ва профессор-ўқитувчилари фаолиятида кўп такрорланадиган вазифалар учун кетадиган вақтни тежашга қаратилган.

Албатта, коронавирус пандемияси сабаб инсонлар ўртасидаги бирлик, меҳр-шафқат нақадар кучайганлиги ўрнак сифатида кўрсатилмоқда. Аммо, бунда ҳукуматимиз ва бошқа давлат, жамоат  тузилмаларининг ушбу балога қарши самарали фаолиятини муносиб қадрлашни ҳам унутмайлик.

Афсуски, ҳар куни бу касалликка чалинганлар сони кўпайиб бораётган бир пайтда, вазият тўлиқ назорат остида деб айта олмаймиз. Бу эса, қўшимча чоралар кераклигини англатади ва биринчи навбатда, ҳар биримиздан масъулият талаб этилади.

 Иш берувчилар масофавий иш учун шароит яратдилар ва пуллик таътилларни таъминладилар. Мактаб ўқувчилари учун масофадан ўқитиш тизими жорий этилди. Буларнинг барчаси аҳоли ўзини ўзи изоляция қилиши ва карантин қоидаларига амал қилиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилди.

Биздан бугунги оғир кунларда фақат сабр-тоқат қилиш, соғлигимизни сақлаш, илм олиш, ибодат қилиш, ўзлигимизни англаш, ўзимизни ва атрофимиздагиларни асраш, энг асосийси, ИНСОН деган номга муносиб бўлишимиз талаб этилади, холос.

 

Дилафруз Умарова,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририятининг кадрлар бўйича инспектори

 

Изоҳ: ушбу мақола эълон қилиниши арафасида оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда ўқув жараёнлари яна анъанавий шаклга ўтказилиши тўғрисида хабар тарқатди.

Республика махсус комиссияси томонидан сўнгги кунларда юртимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати камаяётгани инобатга олиниб, бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2022 йил 7 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилади.

Бунда барча таълим ташкилотларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ва антисептик воситалардан мунтазам фойдаланиш талаб этилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech