Янги Ўзбекистоннинг “Ғалаба боғи” – дунё нигоҳида

2022 йил бошиданоқ жаҳонда Ўзбекистон номи яхши маънода тез-тез тилга олинаётгани ҳар бир юртдошимизга мароқ ва ифтихор бағишлайди. Бу ўринда, жумладан, турли мамлакатларда академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтаётгани ҳақида сўз бормоқда.

Маълумки, 2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғоялари, халқимизнинг  бунёдкорлик  салоҳияти  билан  ушбу  бетакрор  мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида халқимизнинг беаёв жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаб, камол топтириш мақсади ўз мужассамини топган.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тимсолида тинчликсеварлик ва инсонпарварликнинг ўзбекона фалсафаси амалда ёрқин намоён бўлган. Халқона тинчликпарвар сиёсатга бундай янгича, бунёдкорона ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.

Шу маънода, 2021 йилда “Тасвир” нашриёти билан ҳамкорликда «KOLORPAK» МЧЖ босмахонасида юксак дид ва замонавий матбаа дизайни асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида катта ададда чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” номли салмоқли китоб пойтахтимизда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси очилганининг 1 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Китобда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган. Муаллифнинг фикр ва мушоҳадалари аниқ далил ва рақамлар, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли мавзудаги шеърлар ва тасвирий санъат асарларидан намуналар билан мустаҳкамланган.

“Ғалаба боғи фалсафаси” китоби Иккинчи жаҳон урушида беқиёс мардлик ва жасорат кўрсатган ўзбекистонлик жангчилар, фронт ортида матонат ва буюк инсонпарварлик фазилатларини намоён қилган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб этишга  хизмат қилади. Шунинг учун ушбу китоб турли мамлакатлар илмий-ижодий доиралари томонидан қизғин кутиб олинди.

Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, яқинда Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги Урал федерал округида “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби такдимоти бўлиб ўтганини таъкидлаш лозим. Тақдимот Ўзбекистоннинг ушбу шаҳардаги Бош консулхонаси томонидан ташкил қилинди.

Тақдимот доирасида 27 январь – Ленинград шаҳри қамалдан тўлиқ озод этилган кун ҳам нишонланди. 

Шу муносабат билан Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга Россия, Украина ва Белоруссиядан эвакуация қилинган болалар, етимлар, хусусан, ленинградликларга бошпана берган ва уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишига улкан ҳисса қўшган меҳрибон ўзбек оилалари тимсолида темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқасига бағишланган  бадиий фильм намойиш этилди.

Тадбирда Свердловск вилояти губернаторининг ўринбосари А.Козлов, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги вакили А.Харлов, Свердловск вилояти Қонунчилик палатасининг Парламентлараро алоқалар қўмитаси раҳбари В.Вегнер, Екатеринбург шаҳар мэрининг муовини М.Фадеева, Болгария, Вьетнам, Германия, Тожикистон бош консуллари, Озарбайжон бош консули в.б., Свердловск вилояти инсон хуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Т.Мерзлякова, Урал божхона бошқармаси раҳбари генерал А.Фролов, Урал иқтисодиёт университети, Урал тоғ-кон университети, Урал давлат юридик университети ректорлари, Урал федерал университети, Россия профессионал педогогика университети проректорлари, Россия муфтийсининг Уралдаги вакили ва Свердловск христиан епархияси вакили, Урал савдо-саноат палатаси президенти, вилоят архиви раҳбари, вилоят музейи бошлиғи, сиёсий экспертлар ва жамоат вакиллари ҳамда бир қатор миллий диаспоралар раҳбарлари  иштирок этди.

Иштирокчилар 2020 йилда – коронавирус пандемияси авж олган бир даврда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкентда 15 гектар майдонда “Ғалаба боғи” барпо этилгани том маънода тарихий воқеа бўлганини эътироф этдилар. Анжуманда Янги Ўзбекистоннинг “Ғалаба боғи” ҳамда хорижий давлатларнинг мемориал мажмуалари ўртасидаги муҳим фарқлар хусусида сўз юритилди.

Свердловск вилояти инсон хуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Т.Мерзлякованинг фикрича, Ғалабага бағишланган бундай муҳташам боғ МДҲ мамлакатларидан биронтасида, ҳатто Россияда ҳам мавжуд эмас. Мазкур “Ғалаба боғи” ўзбек халқининг Ватан тарихига, ўз фарзандлари жасорати ва матонатига юксак эътибори ҳамда эътирофининг ёрқин намунасидир.

Қўшни Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида ҳам “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консули Отабек Турсунбеков сўзга чиқди.

Ўзбек дипломати таъкидлаганидек, ушбу китобнинг дунё юзини кўришига сабабчи бўлган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси – қаҳрамон аждодларимизнинг муносиб номларини қайта тиклаш ва уларни абадийлаштириш, шулар мисолида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим бадиий кўргазмали воситаси, шунингдек уруш жасоратларини ҳеч қачон унутмасликка чорловчи даъватдир.    

Ўз навбатида, Мангистау вилоятидаги «Қоғамдық келісім» Қозоғистон халқ ассамблеяси директори Амангул Жайлханова “Ғалаба боғи фалсафаси” китобини ҳар бир замондошимиз мутолаа қилиши зарурлигини қайд этди. У ўзи раҳбарлиқ қилаётган ташкилот кутубхонаси ва музейидан ушбу китобга фахрий жой ажратилишини маълум қилди.

"Ҳар нарсага чидаш мумкин, фақат уруш бўлмасин! Урушни биз кўрдик, сизлар кўрмангиз, илоҳим". Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ва ўша машаққатли даврда фронт ортида оғир ҳамда ҳалол меҳнати билан метин матонатини намойиш этган ота-боболаримиз 77 йилдан буён бизга ҳаётнинг бу оддий, аммо пурҳикмат ҳақиқатини англатиб, ҳамиша эзгу дуолар қилиб келаётганлари бежиз эмас. Зеро, башарият аҳли, айниқса, жаҳон ёшлари ер юзидаги тинчлик ва барқарорлик, инсоният ободлиги ва фаровонлигининг қадрига етишлари керак.

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech